Америка-рус келишувининг моҳияти ҳамда ядровий саммитлардан кўзланган мақсад

535
0

Саволга жавоб

Америка-рус келишувининг моҳияти ҳамда ядровий саммитлардан кўзланган мақсад

Савол:

Маълумки, Россия ҳаво кучларининг Сурияга аралашуви (бу икки давлат ўртасида келишилган) ифлос битимга Американинг рози бўлиши билан бўлди. Бу битимга мувофиқ Россия Сурияда Америка манфаатларига хизмат қилмоқда. Бунинг эвазига Америка Россиянинг Қримни босиб олганидан ҳамда Шарқий Украинада юз бераётган ишлардан кўз юмадиган бўлди… Бундан, бу ерда Россия билан Америка ўртасида келишилган сиёсат борлигини тушуниш мумкин. Лекин яқинда юз берган ишлар, яъни Обама бошқарган ядровий саммитдан Россиянинг четлатилиши ҳамда Америка томонидан қўллаб-қувватланаётган Озарбайжон билан Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган Арманистон ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршиликлар, буларнинг ҳаммаси бу келишувни тушунарсиз қилиб қўймоқда. Буни қандай тушуниш мумкин?

Яна бир савол: бу ядровий саммитлар қандай пайдо бўлган? Бу саммитлардан мақсад нима? Бу саммитлар ҳақиқатдан ҳам ядровий қуролсизланишга олиб борадими? Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин.

Жавоб:

Аввало: тушунарсиз бўлиб турган русАмерика келишуви:

  • Путин собиқ Совет Иттифоқида КГБ (давлат хавфсизлик комитети) ходими бўлган. У ҳозирда Совет Иттифоқи Америка билан ўйнаган ўша кўзга кўринарли халқаро ролни қумсамоқда. Шунинг учун у Сурияда Америка манфаатлари фойдасига жинояткорона босқинчилик ролини ўйнашга рози бўлди. Бу ролни у – то Америка эски малайи ўрнига янги малайни топгунига қадар – Башар бошқарувини мустаҳкамлаш билан ўйнамоқда. Чунки Башарнинг қулашига озгина қолган, шунинг учун Америка ўзининг бу малайи қулаганидан кейин бўшлиқни холис исломий кучлар тўлғизишидан қўрқиб қолган эди… Путин «Сурияда Америкага хизмат қилсам Россиянинг жанубий чегараларидаги, яъни Украинадаги ва унинг атрофидаги муаммоларда у мени тинч қўяди» деб ўйлаган эди. Лекин булар бошқа-бошқа ишлардир! Шунинг учун Россиянинг хато қилиб мусулмонларга қарши урушга киргани Россияга – Аллоҳ ёрдами билан – кўп фалокат келтиради. Бу фалокатлар олдида Украина муаммолари ва қўшимча муаммолар мусулмонларнинг Россияга қарши ғазаби денгизида бир томчи бўлиб қолади. Эртанги кун уни кутаётган киши учун яқиндир. Бу масаланинг бир томони…

Бошқа томондан эса, Путин Америка Россиянинг халқаро ролини кўтариш билан ва бу ролни ҳалқаро масалаларда кўзга кўринарли ролга айлантириш билан мукофотлайди, деб ўйлаган эди! Унинг бундай ўйлаши сиёсий аҳмоқликдир. Чунки капитализм мабдаси асосига қурилган давлатлар учун манфаатдан ва бошқаларни эксплуатация қилиш (хизмат ва кучидан текин фойдаланиш)дан бошқа қийматлар бўлмайди. Шунинг учун ҳам кучлироқ капиталистик давлатлар кучсизроқ капиталистик давлатлар устидан ҳукмрон бўлиб олиш учун бор кучини сарфлайди… Америка ҳам, Европа ва Россия ҳам капитализм мабдаси йўлини тутмоқда. Ҳозир вазият илгариги вазият каби эмас. Чунки илгари Ғарб капитализм мабдаси йўлини тутган бўлса, Совет Иттифоқи социализм-коммунизм мабдаси йўлини тутган эди. Бу икки мабданинг ҳар бири бир-бирига қарама-қарши бўлган қийматларга эга эди. Шунинг учун бу икки мабданинг ҳукмронлик ва нуфуз талашиб бир-бири билан курашишини ва тенг бўлишга уринишини кутиш мумкин эди… Капитализм мабдасини қабул қилган йирик давлатлар орасида ҳукмронлик энг кучли давлатники бўлади. Бу кучли давлатнинг шу мабдани қабул қилган бошқа давлатлар билан келишиши ўзи билан бу давлатлар тенг бўлиши учун эмас, аксинча бу давлатларни хизматга солиш учун бўлади. Шунинг учун Америка ўзига Европанинг тенг бўлишини ёки ўзига Россиянинг тенг бўлишини асло қабул қилмайди. Бу давлатлар Америка билан нуфуз талашиб низолаша оладиган даражада куч-қудратга эга бўлсагина Америкага тенг кела олади. Акс ҳолда тенг келолмайди. Чунки капитализм мабдаси манфаат асосига ва энг кучлининг энг кўп улушга эга бўлиши асосига қурилган.

  • Шундай қилиб демак Путиннинг «Сурияда Америка манфаатларига хизмат қилсам Америка Россияни регионал ва халқаро муаммоларда тинч қўяди» деб ўйлаши хато ўйдир. Бунинг хатолиги саволда айтилган икки ишда: ядровий саммитда ва Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги урушда яққол кўринди:

а)  Ядровий саммит ҳақида айтадиган бўлсак, Америка бу саммитни ўзи тайёрлади, унинг программаларини ва кун тартибини ўзи тайёрлади, бунда оламдаги иккинчи ядровий давлат Россияни эътиборсиз бир четга суриб қўйди… Бу саммит 2016 йил 31 мартдан 2016 йил 1 апрелгача давом этди. Унда Қўшма Штатлар ўзининг энг йирик ва буюк куч эканлигини, оламдаги барча давлатларга бошчилик қилаётган ва ҳар қандай жойда, ҳар қандай вақтда ўзига ёққан ишни қила оладиган тарихий лидер эканлигини исботлашга уринди. Америка ҳатто Россияга бир озгина аҳамият ҳам бериб қўймади, Россияни иккинчи энг йирик ядровий давлат сифатида саммитни тайёрлашда шерик қилмади: «Кремл бу саммитни тайёрлашда Россия билан ҳамкорлик қилиниши керак эди, ядровий хавфсизликка тааллуқли масалаларни ўрганиб чиқиш ҳам муштарак ҳаракатларни талаб қиларди ва бошқа тарафларнинг манфаатлари ва позицияларини ҳам эътиборга олиш зарур эди – деб таъкидлади. Буни Кремл расмий вакили Дмитрий Песков билдирди. Лекин у дарҳол изоҳ бериб Москва бу саммитни ўтказишга ҳозирлик чоғида масалаларни ва кун тартибига киритилган мавзуларни ўрганиб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилишда нуқсон-камчиликка йўл қўйилганига ҳамда Қўшма Штатлар томонидан амалга оширилган провокацион тусдаги ахборот кампаниясига дуч келди – деди». (Русиял Явм 2016 йил 31 март).

Саммитга таклиф қилиш ва уни ўтказиш чоғида Вашингтоннинг ҳаракатларида шундай нарса кўзга ташландики, уни Россияни хорлаш даражасида менсимаслик деб аташ мумкин. Бу менсимаслик Путинни саммитда иштирок этмасликка мажбур қилди. Бунга сабаб Американинг саммитни тайёрлаш ва ўтказишда Россияни эътиборсиз бир четга суриб қўйганлиги бўлса-да лекин Путиннинг саммитга келмаганига Американинг билдирган қарши реакцияси (жавоби) совуқ уруш давридагидан ҳам совуқроқ ва янада менсимаслик даражасида бўлди. Чунки Оқ уй миллий хавфсизлик маслаҳатчиси ўринбосари Бен Родес бундай деб билдирди: «Биз Россиянинг Вашингтонда шу ҳафтада ўтказилган ядровий хавфсизлик саммитида олий даражаги делегация билан иштирок этмаслик ҳақидаги қарори энг аввало Россиянинг ўзи учун имкониятни йўққа чиқарди ва руслар саммитда иштирок этмай қилаётган бу ишларнинг барчаси ўзларини ўзлари изоляция қилиш (яккалаб қўйиш)дир, деб биламиз. Ўтмишда ҳам руслар худди шундай йўл тутишган эди». (Бадил сайти 2016 йил 31 март). Америка бу билангина кифояланмади, балки Обама Россиянинг қийматини – уни Шимолий Корея билан бир қаторга қўйиб – янада пастга урди. Чунки Обама ядровий саммит якунида қуйидагиларни айтди: «Бу ерда Россия ва Шимолий Кореянинг ядровий арсеналини камайтириш учун талаб қилинадиган кўпгина ишлар бор». Обама қўшимча қилиб: «Ишимиз ҳали якунига етгани йўқ, чунки бу ерда халқаро даражада хавфсизликни таъминлаш керак бўладиган кўпгина ядровий моддалар бор», деди. (Ал-Жазира нет 2016 йил 2 апрел). Шундай қилиб демак Американинг Россияни ядровий саммит мавзусида қанчалик менсимаганлиги шундоқ кўриниб турибди!

б)  Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги урушга келсак… бу жанглар 2016 йил 2 апрелда тоғли Қорабоғ минтақасида Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш чизиғи бўйлаб деярли тўсатдан аланга олди… Озарбайжон пойтахти Бокуда сиёсий ва ҳарбий раҳбарлар шошилинч йиғинларга чақирилди. Арманистон ҳам шундай қилди. Арманистон президенти Саркисян бундай деб баёнот берди: «Булар 1994 йилда ўт очишни тўхтатиш режими ўрнатилганидан бери юз бераётган энг хатарли қуролли жанглардир». (Ал-Жазира нет 2016 йил 3 апрел). Хулоса чиқариш мумкинки, рус нуфузи Арманистонда ғоятда барқарор бўлиб келди. Арманистонда русларнинг йирик ҳарбий базаларидан бири бор. Бу базада рус армиясининг 102 дивизияси турибди ва унда 5000 рус аскари жойлаштирилган. Россия камбағал Арманистон давлатига грантлар, қарзлар ва ресурслар билан ёрдам кўрсатиб келмоқда. Россия илгари ҳам ва Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин ҳам Арманистонга тоғли Қорабоғ минтақасида Озарбайжон билан бўлган низо даврида ёрдам кўрсатиб келган эди. Россия 1994 йилда икки тараф ўртасида ўт очишни тўхтатиш режимини ўрнатишда воситачилик ҳам қилди. Ана шу воситачилик Арманистон фойдасига бўлган эди. Чунки Арманистон ва унинг тўдалари Қорабоғ минтақасида озарлар яшайдиган минтақани бутунлай босиб олди. Озарбайжоннинг бу минтақа ғарби ва жанубидаги, балки шарқидаги бошқа ерларидан ҳам 9 %и босиб олинди. Шунинг учун Россия бу охирги урушни тўхтатишдан манфаатдор ҳисобланади. Американинг яна аланга олган бу урушдаги роли эса парда ортидан бўлди. Уни пардасиз дейиш ҳам мумкин. Масалан «Мисрийюл Явм» сайти 2016 йил 31 мартда қуйидаги хабарни тарқатди: «Озарбайжон президенти 2016 йил 30 мартда Вашингтонда Америка ташқи ишлар вазири Керри ҳузурида Арманистондан ўз кучларини Тоғли Қорабоғдан «дарҳол» олиб чиқиб кетишини талаб қилди. Бу минтақа теварагида иккала мамлакат ўзаро низолашиб келмоқда. Вашингтон бу низони ҳал қилишга анча йиллардан бери уриниб келмоқда. Керри Озарбайжон президентини АҚШ президенти Барак Обама томонидан пайшанба ва жума кунлари ўтказилган ядровий хавфсизликка оид халқаро саммит чоғида алоҳида қабул қилди. Алиев Керри ҳузурида журналистларга «Биз АҚШ ҳукуматининг Арманистон билан Озарбайжон ўртасида давом этаётган низони ҳал қилишдаги саъй-ҳаракатларидан мамнунмиз» деди. Алиев қўшимча қилиб: «Бу низо Хавфсизлик Кенгашининг арман кучларини ерларимиздан дарҳол ва ҳеч бир шартлар қўймай олиб чиқиб кетишга чақирадиган қарори асосида ҳал қилиниши лозим» деди. Керри ҳам ўз навбатида «Тоғли Қорабоғдаги ҳал қилинмай келаётган бу низо учун узил-кесил ечим музокаравий ечим бўлиши зарур»лигига чақирди».

Озарбайжон, унинг нефти, Озарбайжондан Қора денгиз ва Туркия томонга ётқизилган нефт етказиб бериш қувурлари очкўз Америка эътиборини 1991 йилда Озарбайжон мустақил бўлганидан бошлаб ўзига қаттиқ тортиб келган эди. Бу омил рус-Америка курашида катта аҳамиятга эга. Шунинг учун озар президентининг бу жанглар аланга олишидан уч кун олдин Вашингтондан туриб, Америка ташқи ишлар вазири Керрининг ёнида туриб берган баёнотлари Россиянинг Кавказ минтақасида бу урушни аланга олдираётган Американинг ўзи эканлигига шубҳага ҳеч қандай ўрин қолдирмайдиган даражада ишора қилиб турибди. Бу эса Россиянинг Арманистон ва Кавказдаги манфаатларига таҳдиддир. Чунки бу минтақа Россия учун ўта нозик ҳисобланади… Яъни Америка бу урушни «портлатиш» билан Россиянинг қоқ биқинига қаттиқ зарбаларни аниқ йўлламоқда…

Хулоса шуки, Путиннинг Сурия борасида Америка билан ифлос, жинояткорона битимни тузиши билан Америка уни регионал ва халқаро муаммолари тўғрисида тинч қўяди, деб ўйлаганлиги сиёсий аҳмоқлик бўлди. Аксинча бу ифлос битим Россия Америка манфаатларига хизмат қилаётгани сабабли фақат Суриягагина тегишли бўлиб қолаверади. Шунинг учун бу битим бу доирадан албатта чиқиб бошқа халқаро масалаларга тааллуқли бўлмайди. Буни Сурия бўйича алоқалар тинч эканлигига қарамай рус-Америка алоқалари ядровий саммит борасида ва Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги уруш борасида кескинлашганидан тушуниб олса бўлади.

Иккинчи: ядровий саммитлар ва улардан кўзланган мақсад:

  • Совуқ уруш даврида ядровий қуроллар буюк кучларнинг ўзаро курашида ва давлатлар хавфсизлигини қарор топтиришда асосий ролни ўйнади. Давлатлар ўртасидаги анъанавий (оддий) қуроллар борасидаги мувозанат бузилиши натижасида юзага келган хавфсизлик муаммоси бу давлатларни бирма-бир янада кўпроқ анъанавий қурол-аслаҳаларга ва ядровий қуролларга эга бўлишга ундади. Бу ўзаро тенгликни қайта тиклашга бўлган бир уриниш эди. Қўшма Штатлар ядровий бомбани ишлаб чиққан биринчи давлат бўлди. Бу эса Америкага Россия устидан катта устунлик имкониятини берди. Оқибатда Россия – то ядровий қуролларга эга бўлгунга қадар – ядровий қуроллар таҳдиди остида қолди. Россия ядровий қуролларга эга бўлиши биланоқ Америка билан бўлган ҳарбий мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди. Франция билан Британия ҳам худди шундай иш тутди. Чунки бу икки мамлакат Россия эга бўлган ядровий арсеналдан келаётган таҳдидни ва хавфни сезиб, Россия билан бўлган тенгликни қайсидир даражада қайта тиклашга уринди. Хитой ҳам ўзининг Россия қаршисида заиф бўлиб қолганини сезиб ядровий бомбаларга эга бўлишга ҳаракат қилди ва бунга эришди. Бу заифликни ҳис қилиш Ҳиндистонни ҳам ядровий бомбаларни сотиб олишга ундади. Ҳиндистон Хитой тажовузига қарши туриш учун ядровий бомбаларни сотиб олди. Ҳиндистондан кейин Покистон ҳам Ҳиндистон устидан ҳарбий устунликка эришишга уринди. Ўзининг ядровий кучи бўлишини умид қилмаган давлатлар эса ўзини ядровий қуроллардан ҳимоя қилиш учун Америка билан ёки Совет Иттифоқи билан иттифоқчи бўладиган бўлди. Бу ҳимоя ядровий «соябон»лар кўринишида бўлди. Масалан Америка Европани ва Тинч Океан минтақасидаги бир неча осиё мамлакатларини – уларни Совет Иттифоқидан ҳимоя қилиш учун – ядровий «соябон» билан таъминлаб келган эди.
  • Совуқ урушдан кейинги даврда ядровий қуролга эга бўлишни тўхтатиш ядровий қуролсизланиш учун ҳаракатланиш олдида йўл ҳозирлади. Чунки кўпчилик Совет Иттифоқи қулаганидан кейин халқаро хавфсизлик муҳити абадул абадга ўзгарганини ҳис қилди. Чунки Хиросима ва Нагасакидан кейин зўрма-зўраки ўрнатилган ядровий тинчлик мавжуд бўлмай қолди. Глобаллашиш, атроф муҳитнинг ўзгарганлиги, нодавлат ташкилотлар ва тузилмаларнинг пайдо бўлиши, Совет Иттифоқидан кейинги бўшлиқда ирқий кескинликларнинг пайдо бўлганлиги, буларнинг барчаси агар собиқ Совет Иттифоқи қўлида мавжуд бўлган ядровий қуроллардан ҳақиқий тарзда халос бўлинмас экан уларнинг «қинғир» қўлларга тушиб қолиши мумкинлигини, бу эса ўта катта зарарга сабаб бўлишини англатар эди… Бу вазиятга қарши курашишда Украина ва Қозоғистон каби ядровий қуролларга эга ёш давлатлар ўзининг ядровий қуролларидан регионал кафолатлар эвазига дарҳол воз кечди.
  • Юзага келган бу янги хавфсизлик муҳити икки асосий тушунчани: қуролсизланиш ва ядровий қуролларни тарқатмаслик, деган тушунчаларни олдинга олиб чиқди. Америка оламдаги ягона буюк куч бўлгани учун бутун оламдаги одамлар Америкага у ядровий қуролсизланиш ва ядровий қуролни тарқатмаслик соҳасида ташаббус тизгинини ўз қўлига олади деган умид назари билан қарашди. Шунга қарамай Клинтон ва Буш идоралари бу хусусда жуда оз иш қилди. 2007 йил январда Американинг собиқ масъуллари: Генри Киссинжер, Жорж Шульц, Билл Перри ва Сэм Нанн (бу кимсалар ядровий қуролга эга бўлишни тўхтатиш «тўртлик тўдаси» деган ном билан танилган) Қўшма Штатларнинг ўзини ядровий қуролларни йўқ қилишга бағишлашини таклиф қилишди… Шунга қарамай ядровий қуролсизланиш масаласи ядровий масалалар кун тартибига қўйилмади. Бу масала фақат Обама президентликка келган пайтдагина кун тартибига қўйилди… 2009 йилда эса Обама Прагада 20.000 кишилик йиғинда туриб: «Қўшма Штатлар оламнинг ядровий қуроллардан халос бўлиши тўғрисида ахлоқан жавобгардир» деди. У қуйидагиларни ҳам айтди: «Минглаб ядровий қуролларнинг мавжудлиги совуқ урушдан қолган энг хатарли меросдир. Бугун совуқ уруш йўқ. Лекин бу қуроллардан минглаблари ҳалигача йўқ қилинмади». (Би-Би-Си сайти 2009 йил 5 апрел)… Ана шундан кейин қуйидаги тўрт саммит ўтказилди:
    • 2010 йил 12-13 апрелда Вашингтонда ўтказилган биринчи ядровий саммит.
    • 2012 йил 26-27 мартда Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида ўтказилган иккинчи ядровий саммит.
    • 2014 йил 24-25 мартда Голландиянинг Гаага шаҳрида ўтказилган учинчи ядровий саммит.
    • 2016 йил 31 март ва 1 апрелда Вашингтонда ўтказилган тўртинчи ядровий саммит.
  • Американинг ядровий қуролсизланиш деган нарса борасидаги сиёсатидан мақсад – Америка режаси бўйича – ҳамма давлатларнинг ҳақиқатдан ҳам ядровий қуролсизланиши эмас, аксинча ундан мақсад бошқа давлатларни ядровий қуролсизлантириб, ядровий қурол фақат Америка қўлидагина қолишидир. Агар Америка бунга муваффақ бўлолмаса у ўзининг режалари бўйича қўллаши мумкин бўлган энг сўнгги чора ядровий давлатлардаги ядровий қурол заҳираларидан бир муайян нисбатни камайтиришдир. Шунда Америка бу нисбатга ўз ҳукмини ўтказа оладиган бўлади. Чунки Американинг ядровий заҳираси жуда юқори бўлгани учун демак у ядровий давлатларга татбиқ этиладиган нисбатни белгилаб бериш билан бошқа давлатлар заҳираларини шу даражада камайтиришга эришадики, бу давлатлардаги заҳиралар Америка заҳирасига солиштирганда кучсиз бўлиб қолади. Шунинг учун ана шу тўрт ядровий саммитларнинг якуний баёнотлари баландпарвоз баёнотлар бўлиб, уларда оламнинг ҳақиқатдан ҳам ядровий қуролсизланишига далолат қиладиган ҳеч қандай матн йўқ. Бу якуний баёнотларда аниқ кўриниб турибди. Масалан ана шу саммитларнинг энг кўзга кўрингани тўртинчи саммитнинг якуний баёнотини олсак унда ядровий қуролсизланиш борасида мажбурий бўлмаган ва жиддий бўлмаган умумий матнлардан нарига ўтилмаганини кўрамиз. Бу якуний баёнотда қуйидагилар келган:

«Вашингтонда ўтказилган тўртинчи «ядровий хавфсизлик» саммитида иштирок этган давлатлар ўзларининг ядровий қуролсизланишга, ядровий қуролнинг тарқалишига чек қўйишга ва ядровий энергиянинг тинч мақсадларда қўлланишига ишонч ҳосил қилишга қаттиқ амал қилишларини таъкидлади… Саммит ўзининг якуний баёнотида «ядровий ва радиоактив террор таҳдиди ҳамон халқаро хавфсизлик учраётган энг катта хавфлардан бири бўлиб қолаётганидан ва бу таҳдид тобора авж олаётганидан» огоҳлантирди. Олам раҳбарлари ўзларининг ядровий қуролларнинг экстремистлар қўлига тушиб қолишига йўл қўймаслик борасидаги мажбуриятларига қаттиқ амал қилишларини таъкидлашди. Лекин улар бу таҳдид «тобора авж олиб бораётгани»дан огоҳлантиришди… Бу раҳбарлар Вашингтон мезбонлик қилган ядровий хавфсизлик саммитидаги муштарак баёнотда «Бу ерда норасмий фаолият олиб бораётган томонларнинг ядровий қуролни ва ифлос мақсадларда ишлатиш мумкин бўлган бошқа радиоактив материалларни қўлга киритишига йўл қўймаслик учун қилиш керак бўлган қўшимча ишлар бор» деб билдиришди. Раҳбарлар ўзларининг баёнотларида: «Биз ўзимизнинг ядровий қуролсизланиш, ядровий қуролни тарқатмаслик ва ядровий энергиядан тинч мақсадларда фойдаланишга оид муштарак мақсадларимизга қаттиқ амал қилишимизни яна бир бор таъкидлаймиз» деб ҳам билдиришди. Улар сўзларини давом эттиришиб: «Биз ядровий террор хатарига чек қўйиш ва ядровий хавфсизликни кучайтириш орқали тинч ва барқарор халқаро муҳитни мустаҳкамлаш мажбуриятини оламиз» деб билдиришди… Вашингтонда пайшанба куни бошланган тўртинчи ядровий хавфсизлик саммитида ядровий материалларнинг хавфсиз сақланиши ва бу ядровий материалларнинг террорчилар қўлига тушиб қолишига йўл қўймаслик тадбир-чораларини кучайтириш йўллари муҳокама қилинди. Бу саммитда 50 дан кўп давлат ва ташкилот раҳбарлари қатнашди». (Ал-Явм сайти «OAS Washington 2016 йил 2 апрел»).

Бу баёнотни диққат билан, чуқур ўрганиб чиқилса ҳам унда оламнинг ҳақиқатдан ҳам қуролсизланишига далолат қиладиган биронта амалий матн кўринмайди. Улар ҳатто ядровий қуролдан холи бўлиб турган минтақада яҳуд давлатининг ядровий қурол-аслаҳалар арсеналига эга эканлиги ҳақида чурқ этишмади. Ҳолбуки улар ҳақиқий ядровий хавфсизлик оммавий қирғин қуролларидан холи бўлган минтақаларни пайдо қилишга жиддий киришишдан бошланади деб узоқ гап сотишди! Шундай қилиб демак бу саммитлардан мақсад оламнинг ҳақиқатдан ҳам ядровий қуролсизланиши эмас. Аксинча улардан мақсад Американинг давлатлар ишлари борасида ядровий ҳукмронлик қилишидир… Буни Обама ўзининг шу саммит ҳақида берган интервьюларида таъкидлади, унинг сўзлари Америка ядровий қуролларни маҳкам ушлаб туришни ва улар тўғрисида ўз ҳукмини ўтказишни истайди, деган мазмунда бўлди: «Америка президенти Барак Обама «Бу ерда оламнинг ҳамма томонларида хавфсиз сақланиши зарур бўлган ядровий ва радиоактив материалларнинг катта миқдори ҳамон мавжуд бўлиб турибди. Оламдаги уран заҳираси тобора ўсиб бормоқда, баъзи мамлакатларда ядровий арсеналлар кенгайиб бормоқда. У ерларда ўғирлаб кетилиши мумкин бўлган кичик тактик ядровий қуроллар ҳам бор бўлиши мумкин» деди. Обама изоҳ бериб, бошқа давлатлар хавфсизлик ва шаффофлик чораларини яхшилаши учун ўзининг мамлакати ўз навбатида ядровий материалларни ҳимоя қилажагини айтди». (euronews сайти 2016 йил 2 апрел). Обама қуйидагиларни ҳам айтди: «Америка президенти Барак Обама бугун шанба куни саммит тугаганидан кейин ўтказилган матбуот конференциясида оламда хавфсиз сақланиши зарур бўлган ядровий материалларнинг катта миқдори борлигини ҳамда оламдаги сақланаётган уран заҳираларининг тобора ўсиб бораётганини айтди… Обама бу ерда Россия ва Шимолий Кореянинг ядровий арсеналини камайтириш учун талаб қилинадиган кўпгина ишлар борлигини ҳам айтиб, Жанубий Америка ядровий материаллардан холи зона бўлиб қолди, 14 давлат – жумладан Тайван, Ливия ва Вьетнам – бойитилган уран ва плутонийдан халос бўлди, деди». (Ал-Жазира 2016 йил 2 апрел).

Шундай қилиб демак Америка бу саммитлардан ядровий қуролларни маҳкам ушлаб туришга ўзи бошчилик қилишини истайди. Чунки ана шунда Америка бу қурол борасида ўз ҳукмини ўтказадиган бўлади. Ҳатто Америка ўзи ўтказаётган саммитларни ҳам ўзининг тасарруфи остига киритиб уларга ўзи хоҳлаган кимсаларни таклиф қилиб, хоҳлаган кимсасини ман қилмоқда. Америка кимга ғаламислик қилишни ёки кимни хорлашни хоҳласа ўшанга шундай муносабатда бўлмоқда. Америка ўзини оламнинг хўжайини деб ҳисоблаб шундай иш тутмоқда. Бунга сабаб Американинг ўзига дадил қарши чиқадиган бир обрўли, нуфузли буюк давлатни ўз қаршисида топмаётганидир, холос!

Американинг ўзига хорларча бўйин эгаётган давлатларга нисбатан бундай аҳволда муносабатда бўлиши то Халифалик тонги отгунга қадар давом этаверади. Ўшанда бу мустамлакачилар қаршисига Ислом куч-қудрати улар ҳисобга олмаган томондан келади ва бу жиноятчи кимсалар ҳеч бир яхшиликка эришмай ортга чекинадилар:

سَيُصِيبُ الَّذِينَ أَجْرَمُوا صَغَارٌ عِنْدَ اللَّهِ وَعَذَابٌ شَدِيدٌ بِمَا كَانُوا يَمْكُرُونَ

«Яқинда бундай жинояткорларга қилиб ўтган ҳийла-найранглари сабабли Аллоҳ ҳузурида хорлик ва қаттиқ азоб етажакдир» [Анъом 124]

 

2 ражаб 1437ҳ

 9 апрел 2016м

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here