Зиёдуллоҳ қори биродаримизнинг оила аъзоларига таъзия

461
0

Аллоҳ таоло баъзи инсонларга узун умр берар ва бу инсонлар кечирган ҳаёти мобайнида Ислом дини ва мусулмонлар манфаати учун бирор иш қилмай, дунёга қандай келган бўлса шундай ўтиб кетар экан. Баъзи бандаларига қисқа умр ато этсада, бу банда шу қисқа умри давомида одамлар қалбида чуқур из қолдириб, ўзининг ортидан минглаб мусулмонларни йиғлатиб кетар экан.

 Мухлисларимиздан келган хабарга кўра, Боткен вилояти Қадамжой тумани Учқўрғон қишлоғида туғилиб ўсган Абдулҳаев Зиёдуллоҳ ҳам Аллоҳ Таоло томонидан берилган қисқа умри давомида ўзидан яхши ном қолдириб, сўнгги йўлга кетар чоғида минглаб мусулмонларни йиғлатиб кетди.

 Аллоҳ Таоло томонидан белгиланган ажал Зиёдуллоҳни новқирон 25 ёшида орамиздан олиб кетди. Биродаримиз Зиёдуллоҳ 4 феврал пайшанба куни Жалолободдан қайтаётган вақтда автохалокатга учраб, бу ёруғ оламни тарк этди. Гарчи бизлар Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган бир мусулмон биродаримиздан ажралиб қолганимиз сабабли кўзларимиз ёшга тўла бўлсада, Аллоҳни рози қилувчи сўздан бошқасини гапирмаймиз:

إنا لله وإنا إليه راجعون

“Албатта, барчамиз Аллоҳникимиз ва албатта, барчамиз Унга қайтгувчидирмиз

[Бақара 156]

 Зиёдуллоҳнинг жума намозидан сўнг белгиланган жаноза намозига вилоят ва туман қозиётидан вакиллар ҳамда аксари ёшлардан иборат 3000 яқин одам йиғилиб, такбир ва таҳлил садолари остида уни сўнгги йўлга кузатиб қўйишди. Майитни елкаларида кўтариб, 2-3 чақирим йўл босиб қабристонга етиб борулгунга қадар, жаноза намозига кечиккан одамлар қўшилиб 4-5 минг одам йиғилиб кетган.

 Оддий бир мусулмоннинг жаноза намозига шунча кўп одам йиғилиши куч органлари ходимларини тинчини ўғирлаб қўйган шекилли, улар мусибат етган оилага ҳамдардлик билдириш ўрнига, жаноза намозидан сўнг 10- бўлим ходимлари келиб, жаноза намозига ким бошчилик қилганини суриштириб, қишлоқдагилардан тушинтириш хат ёздириб олиш билан овора бўлиб, икки кундан буён қишлоқни кезиб юришибди экан. Улар билишмайдики, Аллоҳ Ислом дини ғами билан юрган, уни олий қилиш йўлида жон койитган бандаларини агар хоҳласа тўрт девор ичида ҳам, тириклигида ҳам, ўликлигда ҳам азиз қилиб қўйишга қодир.

 Зиёдуллоҳ Ислом динига муҳаббати кучли, тақводор оилада дунёга келиб, ёшлик чоғидан диний илм олишган рағбат билдиради. Ундаги рағбатни кўрган отаси Абдулҳаев Жунайдуллоҳ ёлғиз ўғлини 8 ёшидан бошлаб қорига шогирдликка топширади ва у ҳофизи Қуръон бўлиб етишиб чиқади. Қуръони ёд олиш билан кифояланмаган Зиёдуллоҳ Бишкекдаги мадрасада сабоғини давом эттириб, мадрасани ҳам аъло баҳолар билан тамомлайди. Исломий илм олиш йўлида умрини сарфлаган Зиёдуллоҳ бундан уч ой олдин оила қурган экан.

 Бир ўғил ва икки қизнинг отаси Жунайдуллоҳ ҳам ўзининг Ислом динига бўлган муҳаббати, тақвоси ва ҳалоллиги билан халқ ичида хурмат қозонган мусулмонлардан бўлиб, қишлоқдаги масжид қурулишига катта ҳисса қўшган, аммо халқ ичидаги обрўсидан қўрққан куч органлари уни масжидда имомлик қилишига қаттиқ қаршилик қилишган, бироқ халқнинг талаби билан Жума намозларида имомлик қилиб берар экан.

 Шу ўринда биз, Қодир Аллоҳдан биродаримиз Зиёдуллоҳни Ўз раҳматига олишини, гуноҳларини мағфират қилишини, жаннат кенгликларида пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бир сафда қилишини сўраб қоламиз. Гарчи кечикиб бўлсада отаси Жунайдуллоҳ акага, онаси Олияхон опага, турмуш ўртоғига, сингиллари ва қариндош-уруғлари ва оилага яқин бўлган барча дўстларига чуқур таъзиямизни билдирамиз. Аллоҳ сизларга сабру жамил ато этсин. Аллоҳ сизларни чиройли сабр килишлик ортидан яхшиликлар билан мукофотласин.

 Туркистон таҳририяти

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here