Ҳиндистон ва Покистон ШҲТга қабул қилинди

466
0

Уфада 10 июлда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтди. Саммит бошлангунга қадар унга 6 давлат: Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо эди. Саммитда раислик қилувчи Россия президенти Владимир Путин Покистон ва Ҳиндистонни ташкилотга тенг ҳуқуқли аъзолар сифатида қабул қилиниши жараёни бошланганини эълон қилди.

 Шунингдек, Беларус мақоми ҳам ўзгарди: энди бу давлат ташкилотнинг ҳамкор давлат сифатидаги мақомидан кузатувчилар тоифасига ўтказилди ва энди саммитларда Эрон, Афғонистон ва Мўғилистон билан бир қаторда шундай мақомда иштирок эта олади. Шунингдек, Арманистон, Озарбойжон, Непал ва Камбожа суҳбат бўйича ҳамкор мақомини олиб, Туркия ва Шри-Ланка сафига қўшилишди.

Саммит бошланишидан аввал ШҲТга аъзо давлатлар вакиллари саммитда ташкилотга Покистон ва Ҳиндистоннинг қабул қилиниши жараёнига старт берилиши ҳақида гапираётган эдилар. Бироқ саммит куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Владимир Путин билан учрашуви давомида бир нарсага аниқлик киритишни сўради. “Агар Ҳиндистон ва Покистон оддий мамлакатлар эмас, балки ядровий қуролга эга бўлган мамлакатлар эканлиги ҳисобга олинса, уларнинг ШҲТга қабул қилиниши жараёни қандай боради? Бу жиҳатдан қаралса, уларнинг эртага ШҲТ таркибига киритилиши нафақат сиёсий харитани, балки, фикримча, кучлар таҳсимланишини ҳам ўзгартириши мумкин”, деб айтди Каримов Путинга.

 Бу масала ШҲТнинг йиғилишлари бошлангунча эрталаб муҳокама қилинди ҳамда барча етакчилар кенгайтирилган мажлисга йиғилишиб, Покистон ва Ҳиндистонни ШҲТга қабул қилишга қарор қилишди.

 Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга кириши билан ташкилотга аъзо давларлар ҳудудида яшовчи аҳоли бутун дунё аҳолисининг 42 фоизини ташкил қилди. ШҲТга қўшилган давлатлар етакчилари – Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Покистон бош вазири Навоз Шариф ўз мамлакатларининг ташкилотга қабул қилинганлари учун миннатдорчилик билдиришди. Моди ўзининг покистонлик ҳамкасбини ташкилотга қабул қилингани билан табриклади, бироқ ундан жавоб табрик олмади.

 Деҳли ва Исломобод ШҲТнинг тўлақонли аъзосига айланишлари учун 28 та ҳужжат, жумладан узоқ муддатли дўстона қўшничилик келишувини ратификация қилишлари керак бўлади. Бу келишувнинг 5-моддасида томонлар чегараларнинг дахлсизлиги тамойилини ҳурмат қилишлари, “чегара ҳудудларидаги ҳарбий соҳада ишончнинг мустаҳкамланишига” фаол равишда ўз кучларини ишга солишлари айтилган.

 Манба: www.kun.uz

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here