Афғонистон расмийлари илк бор “Толибон” ҳаракати билан расмий музокаралар ўтказди

499
0

“Фарғона” ахборот агентлигининг хабар қилишича, Покистон пойтахти Исломободда 7 июль куни Афғонистон ҳукуматининг “Толибон” ҳаракати билан ярашув учун қулай шароитлар яратишга бағишланган биринчи расмий музокаралари бўлиб ўтди.

 Учрашув Покистон маҳкамалараро разведкаси (Inter Services Intelligence, ISI) ёрдамида ўтди. Бундан олдин қарама-қарши тарафларнинг кўплаб норасмий музокаралари бўлиб ўтган, сўнгги учрашув эса шу йилнинг май ойида Урумчида (Хитой) бўлиб ўтганди.

 Khaama Press хабарига кўра, музокараларда Афғонистон ҳукумати делегациясини ташқи ишлар вазирининг муовини Ҳикмат Ҳалил Карзай бошқарган, толиблар томонидан собиқ Толибон ҳукумати ташқи ишлар вазирининг ўринбосари мулла Жалил ва ҳаракат етакчиларидан бири Қори Дин Муҳаммад иштирок этдилар. “The Guardian” хабар беришича, учрашувда, шунингдек, АҚШ ва Хитой вакиллари қатнашдилар. Покистон томони “афғонлар учун ярашув жараёнини енгиллатиш мажбуриятини” ўз зиммасига олаётганини таъкидлаб ўтган.

 Покистон бош вазири Новоз Шариф музокаралар “муваффақият ила якунланиши лозим”, дея қайд этиб ўтган. Унга кўра, Афғонистон қўшнилари ва халқларо ҳамжамият “ушбу жараённи ҳеч ким тўхтатишга уринмаётганига” ишонч ҳосил қилиш керак. Оқ уй матбуот котиби Жош Эрнестнинг айтишича, Америка Қўшма Штатлари музокараларни табриклаган ҳамда уларни “мустаҳкам тинчлик сари қўйилган муҳим қадам”, дея атаган.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here